Портфолио Хизматлар Нархлар Бюро ҳақида Блог Алоқа
+998 90 063 40 50 / Тошкент

Ҳовли участкаси дизайни: гўзал боғ сари 5 қадам

Ҳовли участкаси дизайни: гўзал боғ сари 5 қадам

Instagram саҳифамиздаги ландшафт дизайни ҳақидаги кичик пост кузатувчиларимизга жуда ёқди... Бизни саволларга кўмиб ташлашди ва давомини талаб қилишди. Сизни интиқ қилмаймиз – давоми ёзилди, саволларга жавоб берилди.

Ушбу содда ва лўнда қўлланмада – хусусий уй участкаси дизайни бўйича – агар сиз профессионал жамоани ёлламоқчи бўлсангиз ёки ўз кучингиз билан ландшафт дизайнини яратмоқчи бўлсангиз, нимадан бошлаш ва қандай қилиб энг самарали натижага эришиш мумкинлигини босқичма-босқич баён қилдим.

Кўпчилик ландшафт дизайни – бу, биринчи навбатда, боғ ва томорқа учун ўсимликлар танлаш деб ҳисоблайди... Сизни фикрингиздан қайтармоқчиман – бу мутлақо ундай эмас. Агар сиз ҳар бир детали пухта ўйланган, ҳам қувонч, ҳам фойда келтирадиган гўзал участкага эга бўлишни истасангиз, ўсимликлар бўйича мутахассисга эмас, тажрибали меъморга мурожаат қилишингиз керак. Шунинг учун мен сизга орзуингиздаги участкани лойиҳалаш ёки мутахассислардан қандай амалларни кутишингиз кераклиги бўйича босқичма-босқич қўлланмани тақдим этаман.

Меъмордан босқичма-босқич режа – чўлдан гўзал боғ сари

Биринчи қадам – участка таҳлили

Ободонлаштирмоқчи бўлган участкангизни батафсил таҳлил қилиш барча функсионал зоналарни тўғри жойлаштириш, камчиликларни тўғрилаш ва афзалликларни янада бўрттириш имконини беради.

Тўлиқ таҳлил учун нималарни билиш керак?

Участка шакли Рельеф Коммуникатсиялар мавжудлиги Сизот сувлари мавжудлиги Тупроқ тури

Бу – энг асосий пойдевор. Баъзи тадқиқотларни ўзингиз мустақил ўтказишингиз мумкин, баъзиларини эса фақат махсус хизматлар ёрдамида амалга ошириш лозим.

Иккинчи қадам – ҳудудни зоналарга ажратиш

Шундай қилиб, юқорида санаб ўтилган тадқиқот натижалари қўлингизда бор. Улар билан нима қилиш керак? - TAHLIL QILISH ва бўлажак участкангиз учун максимал фойда билан қўллаш.

Айнан таҳлил барча функсионал зоналарни нафақат тўғри, балки ўзингиз учун ҳеч қандай ноқулайликсиз жойлаштиришга ёрдам беради.

Оддийлик учун мен барча функсионал зоналарни 3 та сегментга ажратган бўлардим: яшаш зонаси ва унинг таркибий қисмлари, хўжалик зонаси ва унинг таркибий қисмлари, ҳамда дам олиш зонаси. Ҳар бир сегмент учун участкангизда аниқ бўладиган обьектлар рўйхатини тузинг. Масалан: яшаш зонаси - уй, айвон, веранда, ички ҳовли. Хўжалик зонаси – кириш майдончаси, гараж, полиз/боғ, хўжалик бинолари, ёзги ошхона, барбекю. Дам олиш зонаси эса – бассейн, болалар майдончаси, шийпон (беседка).

Учинчи қадам – чегараларни белгилаш

Ҳар бир зона участкангизда ажратилган ва белгиланган бўлиши керак, шунинг учун раёнлаштириш элементларидан фойдаланишингиз керак бўлади. Бунинг учун қуйидагилардан фойдаланиш мумкин: тўсиқлар (ҳам манзарали, ҳам оддий), яшил деворлар, йўлаклар, гулзорлар, бордюрлар ва ҳ.к.

Тушунганингиздек, шу тарзда режангизда (функсионал зоналардан ташқари) аллақачон турли конструксиялар (гулзорлар, кичик меъморий шакллар), барча зоналарни ягона мажмуага бирлаштирувчи йўлаклар ва бошқалар пайдо бўлади.

Тўртинчи қадам – муҳандислик коммуникатсиялари

Участкангизда қайси зоналар ва қаерда жойлашишини биласиз, энди уларга қандай хизмат кўрсатишингиз ҳақида ўйлаб кўриш вақти келди. Сизга сув, канализатсия, ёритиш керак бўлади. Бундан ташқари, дренаж каби муҳим омилни ҳам унутмаслик лозим.

Режангизда қувурлар, лотоклар ёки кабеллар қаерда жойлашиши кераклигини белгилайсиз. Энг асосийси, алоҳида тизимлар бир-бирига халақит бермайдиган ва боғ-дорчилик ишларингизга тўсқинлик қилмайдиган тарзда жойлаштиришдир. Ва агар буни 100% га уддалаган бўлсангиз ҳам, барибир коммуникатсияларни тасодифий зарарлардан ҳимоя қилиш чораларини кўрган маъқул.

Бешинчи қадам – ўсимликларни танлаймиз

Кўриб турганингиздек, ўсимликлар яхши боғда энг муҳими эмас... мустаҳкам пойдеворсиз яхши уй қуриб бўлмайди... сув таъминоти бўлмаса, боғни ободонлаштириб бўлмайди... Режангизда буларнинг барчаси мавжуд, шунинг учун энди ўз боғингизда қандай ўсимликларни кўришни хоҳлашингизни танлаш вақти келди.

Яшил кўчатларни танлашда эътибор бериш керак бўлган бир нечта мезонлар:

Ўсимликлар гуллайдими (бундай флора қўшимча парвариш талаб қилади ва ҳашаротларни жалб қилади) Ўсимликлар мева берадими Қайси даврда ўсимликлар гуллайди ва мева беради

Ўсиш ва гуллаш даври (бир йиллик, кўп йиллик) Бизнинг иқлим ва тупроққа мос келадими

Кўриб турганингиздек, яшаш ва дам олиш қулай бўлган, пухта ўйланган гўзал участка сари асосий қадамларни жуда лўнда баён қилдим. Ишонинг, мутахассисларни ёллаган тақдирингизда ҳам, боғингизда нимани ва қандай кўришни хоҳлашингизни ўзингиз ҳам ўрганиб чиққанингиз маъқул... Бу, энг аввало, сизнинг уйингиз, сизнинг боғингиз, шунинг учун профессионалларнинг тажрибаси ва маҳорати айнан сизнинг орзуингизни рўёбга чиқаришга қаратилган бўлиши керак.

Менинг жамоам ҳисобида кўплаб қизиқарли ландшафт дизайни лойиҳалари мавжуд. Уларни бу ерда кўришингиз мумкин. Бизнинг нархларимиз билан эса ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

Барча мақолалар

Шунингдек ўқинг